Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Жанни Инфантинони 2023 йилги футбол бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Ўзбекистон ва ФИФА ўртасидаги самарали шериклик алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Футболни ривожлантириш ва ёшларни кенг жалб қилиш бўйича қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда ФИФАнинг йирик халқаро тадбирларини, шу жумладан аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги биринчиликларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Федерация раҳбари Ўзбекистонни 2024 йилда илк бор ФИФА шафелигидаги футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши билан табриклади ва унинг юқори савияда ўтказилишига муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, Жанни Инфантино юртимизда оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва таълим базасини яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ўзига ажратилган қароргоҳда “Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессер ва Марказий Осиё ва Каспий минтақаси бўйича раҳбари Рза Нуриевни қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари АҚШнинг ушбу консалтинг компанияси Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг бошқарувини мақбуллаштириш лойиҳаларида фаол иштирок этаётганини қайд этди. Ўтган йили Тошкент шаҳрида “Boston Consulting Group”нинг офиси очилди.
Суҳбатда сунъий интеллект салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Билимлар иқтисодиётига ўтиш бўйича узоқ муддатли комплекс стратегияни, саноатни ривожлантириш дастурини ҳамда Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш “мастер режаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Инвесторлар билан Ўзбекистон ҳудудларини ривожлантиришга узвий боғлаган ҳолда ишлаш самарадорлигини ошириш, давлат корхоналари ва банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, банкларнинг рақамли инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш ва энергетикадаги лойиҳаларни экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Category :
ALLONE
#Шавкат#Мирзиёев#ФИФА#раҳбари#Жанни#Инфантино#билан#учрашув#ўтказди