Loading the player...

Шавкат Мирзиёев Сиань шаҳрида “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммитида иштирок этди

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни Сиань шаҳрида “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммитида иштирок этди.
    Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
    Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
    Ўзбекистон Президенти ўз нутқида саммит асрлар давомида бутун Евроосиёнинг цивилизациясида, ўзаро боғлиқлиги ва тараққиётида муҳим омил бўлган Буюк Ипак йўлининг бошланиш нуқтаси бўлиб хизмат қилган кўҳна Сиань шаҳрида ўтаётгани рамзий маънога эгалигини таъкидлади.
    Ушбу учрашув мураккаб халқаро вазият шароитида алоҳида аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
    - Пандемия синовларини енгиб ўтган мамлакатларимиз глобал миқёсда ишонч инқирозининг салбий оқибатларига дуч келди.
    Марказий Осиё учун муҳим бўлган одатдаги транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги учун таҳдидлар, инфляция импорти ўсиб бораётгани ортидан ижтимоий кескинлик хатарлари ва бошқа муаммолар биздан янада яқин мувофиқлашув ва амалий ҳамкорликни талаб қилмоқда, - деди давлатимиз раҳбари.
    Бугун Марказий Осиё мулоқот ва кенг кўламли ҳамкорлик учун очиқ, ҳамжиҳат ва кучли минтақа экани мамнуният билан қайд этилди.
    Саъй-ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти савдо, инвестиция, транспорт ва гуманитар соҳалардаги минтақавий шерикликни узоқ муддатли кун тартиби, истиқболли режа ва вазифалар асосида ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
    Стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва ечимларни, минтақавий ва глобал миқёсда туб ўзгариш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида олти мамлакатнинг етакчи “ақл” марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Буни муҳокама қилиш учун майдон сифатида келгуси йилда Самарқандда Миллий ривожланиш стратегияларини ўзаро боғлаш масалалари бўйича халқаро экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.
    Президентимиз минтақа мамлакатларининг барқарор ривожи учун зарур шароитларни шакллантириш, бунда асосий эътиборни камбағалликка қарши самарали курашишга қаратиш масалаларига алоҳида тўхталди.
    - Ҳудудларда, энг аввало қишлоқ жойларда турмуш даражасини ошириш ва уларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалардан иборат қўшма дастурни қабул қилсак ва амалга оширсак, бу халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланиши ва 2030 йилга қадар кун тартиби мақсадларига эришишга умумий ҳиссамиз бўлишига ишонаман, - деди Ўзбекистон етакчиси.
    Давлатимиз раҳбари Янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш, 2030 йилга бориб минтақа мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш ташаббусини илгари сурди.
    Ушбу вазифани саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни мутаносиб ошириб бориш, самарали савдо-логистика инфратузилмаси ва замонавий улгуржи-тақсимот тармоқлари, “яшил” ва экспресс йўлаклар, электрон тижорат учун умумий платформаларни йўлга қўйиш орқали рўёбга чиқариш таклиф қилинди.
    Қулай шароитлар ва зарур ҳуқуқий асосларни шакллантириш учун Ўзаро савдога кўмаклашиш ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида кўп томонлама битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.
    Президентимиз иштирокчилар эътиборини саноат кооперациясини кенгайтириш, рақамли технологияларни жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш масалалари Хитой музофотлари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро алоқалар орқали самарали ҳал этилиши мумкинлигига қаратди.
    Шундай амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, биродарлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Ўзбекистонда олти мамлакат шаҳар ва ҳудудларининг форуми ва кўргазмасини ўтказиш таклиф қилинди.
    - Хитойни минтақамиз билан боғлайдиган, Европа, Яқин Шарқ ва Африкага олиб чиқадиган хавфсиз ва энг қисқа транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Буюк Ипак йўлини қайта тиклашда Транс-Евроосиё магистрали лойиҳаси устувор аҳамиятга эга бўлиб, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари эса унинг муҳим таркибий қисми бўлади, - деди Президент.

    Category : ALLONE

    #Шавкат#Мирзиёев#Сиань#шаҳрида#ldquo#Марказий#Осиё#Хитой#rdquo#биринчи#саммитида#иштирок#этди

    0 Comments and 0 replies
arrow_drop_up