Loading the player...

Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб

  • Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги нишонланаётган кунларда ушбу нодир кадрларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
    10 июнь – Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллуд топган кун.
    Саид Аҳмад (1920-2007) юксак бадиий маҳорат ила ёзилган ҳикоя, қисса, роман ҳамда саҳна асарлари билан ўзбек адабиёти равнақига улкан ҳисса қўшди. Бетакрор сўз санъаткори яратган асарлар халқчиллиги, ҳаққонийлиги ҳамда ширали тили билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.
    Саид Аҳмад ўнлаб ўзбек зиёлилари қаторида Сталин қатағони қурбони бўлди, “халқ душмани” дея қамоққа ҳукм қилинди. Аммо букилмас ирода ва қатъият соҳиби бўлган адиб давр синовларидан мардона ўтди.
    Биринчи президентимиз Ислом Каримов заҳматкаш адибни айрича қадрлаб, унга юксак ҳурмат кўрсатган эди. Жумладан, Саид Аҳмад мустақиллик йилларида “Шуҳрат” медали (1994), “Дўстлик” (1995) ҳамда “Буюк хизматлари учун” (1997) орденлари ва “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони (1999) билан тақдирланди. 2013 йилда эса Тошкентда Саид Аҳмад ва унинг умр йўлдоши, таниқли шоира Саида Зуннунова хотирасига ҳайкал ўрнатилди.
    Ислом Каримов томонидан Саид Аҳмад таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан йўлланган қутлов мактубида шундай таъсирли сатрлар бор: “Сиз босиб ўтган умр ва ижод йўли халқимиз ҳаётини, унинг яқин тарихини бутун мураккабликлари билан ўзида мужассам этган. Шу боис, нафақат бизнинг замондошларимиз, балки келгуси авлодлар ҳам халқимизнинг ўзига хос олийжаноб фазилатлари, унинг бошига тушган оғир синовлар, бу йўлда аждодларимиз кўрсатган матонат ҳақида сизнинг асарларингиз орқали тасаввурга эга бўлади”.
    Дарҳақиқат, забардаст адибнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда ибрат намунаси бўлиб қолди.

    Category : Новости и политика

    #Саид#Аҳмад#таваллудининг#100#йиллигига#бағишлаб

    0 Comments and 0 replies
arrow_drop_up