1 март куни Урганч шаҳрида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича галдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолига муносиб шароитлар яратиш, бандликни таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилаётганини таъкидлади.
Хусусан, охирги 7 йилда Хоразмда 600 мингта иш ўрни яратилган. Бугун вилоят ялпи маҳсулоти ҳажми 37 триллион сўмга, аҳоли жон бошига 19 миллион сўмга етган.
Шу билан бирга, тобора ўзгариб бораётган замон, одамларнинг талаб ва истаклари янги-янги вазифалар қўймоқда. Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар, вилоятдаги захираларни ишга солиш бўйича янги имкониятлар белгилаб олинди.
Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобидан 5 минг 500 тадбиркорга кўмак бериб, 50 минг доимий иш ўрни ташкил этиш мумкинлиги айтилди.
Иқтисодиётдаги асосий вазифалардан бири – вилоятда саноатни ривожлантириш. Бунинг учун энг зарур омиллар давлат томонидан ҳал этиб берилмоқда.
Кеча Амударё устида кунига 12 мингта автомобиль, 24 та поездни ўтказиш қувватига эга улкан кўприк очилди. Бу транспорт алоқаларини яхшилаб, юк ташиш харажатларини камайтириб, бизнес ва хизматлар ривожига қўшимча туртки беради.
Саноат учун барқарор энергия манбалари ҳам зарур. Шу мақсадда Тупроққалъа туманида Франциянинг “Voltalia” компанияси билан ҳамкорликда 100 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланди. У йил якунигача ишга тушади.
Шунингдек, Хоразмда қиймати 10 миллиард долларлик йирик газ-кимё мажмуасини барпо қилиш бўйича илғор хорижий компаниялар билан музокара олиб борилмоқда. Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,5 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади.
Саноат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш чоралари белгиланди. Қайд этилганидек, Хоразмга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 100 миллион доллар йўналтирилади.
Бизнесни ривожлантириш банки томонидан кичик ва ўрта саноат лойиҳаларига 1,5 миллиард сўмгача 18 фоиздан 7 йил муддатга кредитлар берилади.
Бундан ташқари, 1 апрелдан бошлаб, импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хомашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади.
Давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Иқтисодий ва саноат зоналарида олган мажбуриятини бажарган тадбиркорлар ер ва бинони хусусийлаштириши мумкин бўлади. Экспортчиларга бошқа вилоятдан хомашё етказиб бериш учун йўл харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
2020 йилда учта банк иштирокида тузилган инвестиция компанияси трансформация қилиниб, унга тадбиркорларга 30 фоизгача улушдор бўлиб кириш ваколати берилади.
Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасидан самарали фойдаланиб, саноат лойиҳаларини жойлашатириш, Урганч туманида Технопарк ташкил қилиш вазифаси қўйилди.
Дамас ва Лабо автомобиллари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ип-калавани қайта ишлаш даражасини 60 фоизга етказиш, фармацевтика маҳсулотларини кўпайтириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Умуман, йил якунигача вилоятга 1,5 миллиард доллар сармоя, шундан 1 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 600 миллион доллар экспортни таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Бунинг учун 11,5 триллион сўм кредит йўналтирилади, ҳар бир туман ва шаҳарни комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланади.
Хоразмда Хитой тажрибаси асосида “уй саноати” ривожлантирилади. Масалан, Боғот, Янгиариқ, Янгибозор, Қўшкўпир ҳамда Урганч туманларида жун ва пиллани қайта ишлаш, Ҳазорасп, Хива, Тупроққалъа ва Хонқада гилам тўқиш оммалашган.
Category :
ALLONE
#Хоразмликлар#учун#тарихий#кун#Президент#ташрифининг#тафсилотлари