“Сўз айтгани келди дунёга...” ҳужжатли фильми
"Маҳалла" телеканали
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги тегишли фармойиши асосида миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган бетакрор бир гуруҳ ижодкорлар қаторида заҳматкаш инсон, устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи ва драматург Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги ҳам мамлакатимизда кенг нишонланди.
Ўзбек кино ижодкорлари томонидан яратилиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилган “Сўз айтгани келди дунёга...” ҳужжатли фильми устоз Машраб Бобоевнинг ижодий, ҳам инсоний қирралари ҳақида батафсил сўз юритгани билан аҳамиятлидир.
Фильмда Машраб ака ҳақидаги ёрқин хотиралар Нусрат Раҳмат, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Орзиқул Эргаш, Жўра Маҳмудов, Шароф Бошбеков сингари ёзувчи ва шоирлар, журналистлар хотиралари, ҳаётий ҳикоялари орқали тўлақонли очиб берилгани аҳамиятга моликдир.
Дарҳақиқат, Машраб Бобоев нечоғли чапани, ҳам болафеъл, оқкўнгил инсон бўлсалар-да, ижодда ўз сўзини айтган, уни кескин тарзда ҳимоя қила оладиган қатъиятли шахс эдилар.
Драматургияда Машраб Бобоев самарали ижод қилганларининг асосий сабаби театрни ичидан билганлари, унга ғоят катта эҳтиром билан муносабатда бўлганларидир.
Устоз ижодкорларнинг эътирофича, Машраб Бобоевнинг шеърлари, умуман ижодиёти халқчиллиги, ўзидек самимий экани ҳамда баландпарвозликдан, бурамаликдан, замонасозликдан, шиорлардан йироқлиги билан ҳам қардлидир. Халқ дарду ташвишлари, орзу-армонларига уйқаш бўлган бу ижод устознинг сўзга, адабиётимизга садоқатидан дарак беради.
Дарҳақиқат, тўғрисўз шоир ўлмайди. Бунга ижодда ғоят муросасиз, қатиятли бўлган Машраб Бобоевнинг иккинчи ҳаёти у ҳақидаги табаррук ёдларда, серқирра ижоди, асарларида, бетакрор таржималарида давом этаётгани мисолдир. Устоз ҳақидаги ҳужжатли картина ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги билан диққатга сазовор.
Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси "Маҳалла" телерадиоканалида миллий адабиёт ва санъатимиз, маданиятимизнинг заҳматкаш ва фидойи ижодкорлари, устоз ёзувчи ва шоирлар, жамоат арбоблари, шу билан бирга бугунги кунда умргузаронлик қилаётган маънавиятимизнинг жонкуяр дарғалари ҳақида ҳужжатли фильмлар ишлаш яхши анъанага айланган. Икки қисмдан иборат бўлган "Сўз айтгани келди дунёга ..."номли ҳужжатли фильм ҳам бу йўналишдаги амалий ишлардан биридир. Катта ҳаяжон ва қизиқиш билан, гўё бир нафасда томоша қилинадиган ушбу фильмнинг муаллифи - Сирожиддин Иброҳим, режиссёр – Равшан Раҳматов. Картинанинг муваффақиятида Алишер Мажидов, Шавкат Сапашев, Асилбек Исломбеков сингари тасвирчиларнинг ҳиссаси катта. Муҳими, ушбу картина барчамизнинг Машраб Бобоев ҳақидаги ёрқин хотираларимиз билан уйғун, вобастадир.
Category :
ALLONE
#ldquo#Сўз#айтгани#келди#дунёга#rdquo#Ёзувчи#ва#драматург#Машраб#Бобоев#ҳақида#хотиралар#2#қисм