Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.
Тадбирни номзоднинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Мавлудахон Ходжаева олиб борди. У ўзининг кириш сўзида
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, ижобий ўзгаришларни оилалар ўз ҳаётида ҳис қилаётгани ҳақида фикр юритди.
Вилоят иқтисодиёти 2016 йилга нисбатан 1,3 марта ўсиб, 56 триллион сўмни ташкил этгани бу фикрни тасдиқлайди. Қисқа муддатда корхоналар сони 2 баробар ошиб, 50 мингтага етган. 3 миллиард 600 миллион долларлик инвестиция эвазига 4 минг 200 та янги лойиҳа ишга туширилган. Тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати билан вилоятда 735 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Ижтимоий соҳа ҳам изчил ривожланиб, 131 та янги мактаб қурилган, 35 та хусусий мактаб очилган. 18 минг оилага мўлжалланган 611 та кўп қаватли уй барпо этилган. Йўллар, муҳандислик тармоқлари янгиланган.
Учрашувда номзод партия вакиллари ва фаолларни “Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда қурамиз!” деган ғояни мужассам этган сайловолди дастури доирасида, Фарғона вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари билан таништирди.
Аввало, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ҳал қилиш режалари баён этилди. Унга кўра, 2 мингта давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қуватлаш ҳисобига қўшимча 125 минг ўқувчи ўрни яратилади.
Хусусий сектор иштирокида 300 дан зиёд клиника, Фарғона шаҳрида 1 минг ўринга мўлжалланган кўп тармоқли тиббиёт кластери фаолияти йўлга қўйилади.
Келгуси етти йилда вилоятда 2,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 100 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. 5 минг километр сув тармоқлари барпо этилиб, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 96 фоизга етказилади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилади. Вилоятга келгуси етти йилда 18 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта лойиҳа ишга тушади. Шунингдек, вилоятда 30 та саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 50 минг юқори даромадли иш ўринлари яратилади.
Category :
ALLONE
#Президентликка#номзод#Шавкат#Мирзиёев#фарғоналик#сайловчилар#билан#учрашишди