Наманган, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд вилоятларидаги қатор олий таълим муассасаларига қўшни давлатлардан ўқишини кўчирган талабалар ҳануз расман қабул қилинмади.
3 сентябрь куни Озодлик гаплашган 4 вилоятдаги 10 га яқин йигит-қиз, уларнинг талабаликка қабул қилингани ҳақида ҳануз буйруқ чиқмаганини айтди.
Шундай бўлсада, улар ўтган ўқув йили ярми учун контракт пулини тўлаган. Аммо, айримлари онлайн дарсга қўйилган, айримлари эса февралдан буён ҳатто 1 соат дарс олмаган.
ОТМлар буйруқ чиқмагани сабабини, зарур ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим қилинмагани билан изоҳлади. Ҳужжатлар асл нусхаси сақланаётган қўшни давлат ОТМлари эса, улар фақат талаба ёки унинг ваколатли вакилига, ўқиш пули тўлиқ тўланган тақдирда берилишини айтмоқда.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махус таълим вазирлиги, пандемия пайтида талабаларни қийнаб турган бу муаммо нега ҳал қилинмаётганига оид саволларни очиқ қолдирди.
Чимкентдаги Silkway халқаро университетидан Сирдарёдаги Гулистон давлат университетига (ГулДУ) ўқишини кўчирган талаба, шу йилнинг февралидан бери бир соат дарс олмаганини айтмоқда.
Аммо у куни кеча 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи бўлаги учун контракт пулини тўлаган.
У шу йилнинг 20 мартида ўқишини Ўзбекистонга кўчиришига рухсат берилгани ва Гулистон университетида кундузги бўлимда ўқишини давом эттириши ҳақида маълумот олган.
“16 мартдан карантин бошланиб кетгани учун, ГулДУдан онлайн системадаги шахсий кабинет очишди, доступ беришди, лекин ичида ҳеч қандай машғулот йўқ, маърузалар йўқ. Қайтганимдан бери 1 пара дарс олмадим. Нимага, десам ҳали сизларга ҳали буйруқ йўқ, кутинглар, дейишди. Яқинда баҳорги семестр учун 3 миллион 200 минг сўм контракт пулини тўлатишди, ўқимаган бўлсам ҳам. Лекин мана 2 сентябрдан курсдошларим онлайн ўқишни бошлади, менга яна ўқиш йўқ. Энди октябргача кутинглар, деяпти. Битта менмас, мен билан қайтган яна 15 тача талаба дарс олмаяпти”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган 2-курс талабаси.
Айтишича, ГулДУда унинг каби ўқий олмаётган ўнлаб талаба бор. Озодлик бу талабалар вазияти бўйича бу ОТМдан бирор изоҳ ололмади.
Шу кунда Самарқанд давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишини кўчирган яна икки талаба ҳам ҳануз талабалар сафига қабул қилинмаганини айтмоқда.
Айтишича, улар М. Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетидан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган.
Category :
Новости и политика
#Ҳукумат#имтиёзи#билан#3#давлатдан#ўқишини#имтиҳонсиз#кўчир#аксари#ҳануз#талабалар#сафига#олинмади