Коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлардан хавотирга тушган маҳкумларнинг яқинлари ва фаоллар қамоқхоналарга кириш ва у ердаги вазиятни ўз кўзлари билан кўришга руxсат сўраб Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат қилди.
Ўзбекистон қамоқхоналарида карантин сабаб март ойи ўрталаридан маҳкумларнинг яқинлари ва фаолларга ҳар қандай кўринишдаги учрашувлар¸ мҳкумларга бирор нарса келтириш ва қамоқхонага киритиш тақиқланган.
Озодлик гаплашган маҳкумларнинг яқинлари қамоқхоналарда коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлардан қўрқувга тушганини айтди.
Жазони ижро этиш Бош бошқармаси раҳбари муовини Эркин Бобоқулов 12 август куни Озодлик билан суҳбатда қамоқхоналар карантин режимига ўтказилгани сабаб учрашувлар бериш вақтинча тўхтатилгани, касаллик тарқалишига қарши чоралар кўрилаётгани ва хавотирга ўрин йўқлиги ҳақида маҳкумлар яқинларига тушунтирилаётганини айтди.
Айни пайтда Бобоқулов ҳозирга қадар коронавирусга чалинган маҳкумлар сони ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.
Тошкентлик Ришида опа Чирчиқ шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатининг бешинчи йилини ўтаётган 26 яшар ўғли билан охирги марта февраль ойида учрашган.
Унинг ўғли 2015 йилда ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорликда айбланиб 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
- Зоналарда учрашув тақиқланган. У ҳам майли, хат ҳам чиқазмайди, ўтган ойдан телефонни ҳам тўхтатиб қўйди. Коронавирус ҳақида айтиб қўймасин, деб шунақа қилишётган бўлса креак-да. Чунки, мени ўғлим ётган Чирчиқдаги қамоқхонада бир қанчасида коронавирус чиқибди. Мен буни ГУИНга бориб ҳам аниқладим. "Чиқибдику, қанақа бўлади бу", десам", "Ҳа чиқди, хавотир олманг уларни бу ерда ушламайди, Чирчиқдаги сил касалликлари касалхонасига олиб ўтишяпти", деб қолди. Шунга жуда хавотирдамиз, бизни қамоқхонага киритинглар, учраштиринглар, деябмиз.
Фарзанди Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган яна бир тошкентлик аёл маҳбуслар учун озиқ-овқат, кийим-кечак ҳам қабул қилиш тўхтатилганидан хавотир билдирди.
- Агар бу ишлар коронавирус юқмаслиги учун қилинаётган бўлса кошки эди. Лекин, "буларга передача олмасангизлар иммунитети пасайиб кетмайдими", десам¸ "йўқ, карантинда бермай турасизлар" деди. Шунга мана олти ой бўляпти, қийин аҳволда қолиб кетди булар. Чунки асосан у ердагилар биз олиб келадиган передачалар ҳисобига овқатланишади, қамоқхонани овқатини еб бўлмайди. Шунга почта орқали юборишга рухсат беринглар ёки овқатини, яшаш шароитини яхшиланглар, деябмиз ГУИНдагиларга, рухсат йўқ, ҳеч нарса айтишмаяпти.
Шу ой бошида Озодлик Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкаси ва Олмалиқ шаҳарларидаги жазони ижро этиш муассасаларида 20 нафар ишчи ходим ва маҳкумларга коронавирус ташхиси қўйилгани, Бухородаги Қоровулбозор тергов изоляторида ҳам 70га яқин маҳкум юқумли инфекцияни юқтирганликда гумонланиб, карантинга олингани, Тоштурма эса кучайтирилган карантин тартибига ўтказилгани ҳақда хабар қилган эди.
Category :
Новости и политика
#Қамоқхоналардаги#covid#19#вазияти#маҳкумлар#яқинлари#ва#фаолларда#хавотир#уйғотмоқда