Loading the player...

Сурхондарёда туман ҳокими судьяларни обрўсизлантиришга уринди, судьялар ҳайдовчиси калтакланди

  • Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай, шу ерда навбат кутиб турган одамлар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.
    Хабарда қайд этилишича, 10 июль куни содир бўлган ҳодиса чоғида судья ва суд ходимларига қўполлик қилинган, туман судининг ҳайдовчиси Р. Раҳимназаровни йўл патруль хизмати ходими Р. Раимов билагидан тортиб, ИИБ бошлиғи Б. Хидиров ва ўринбосари Ш. Азизбердиевлар автомашина калитини олиб қўйиб, уни автомашинада ўтирган жойидан куч ишлатиб тортиб, эгнидаги кўйлагини олд кўкрак қисмини йиртиб, суд ходимини туман ИИБ биносига олиб келиб, ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Азизбердиев суд ходимини ҳақоратлаб, бўйнидан бўғиб, шахсий телефон аппаратини тортиб олиб, сўнгра вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.
    “2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланган. Р.Раҳимназаровнинг баданида кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасида қонталашлар ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасида шилинмалар мавжудлиги, унинг кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасидаги қонталашлари ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасидаги шилинмалари ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир-неча мартабалик зарб ва ишқаланиш механизмлари таъсирида етказилганлиги, оғирлик даражасига кўра енгил тан жароҳатлари, деб баҳоланган”, дейилади хабарда.
    Юқоридагиларни инобатга олиб, воқеа жойида бевосита ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган Жарқўрғон тумани ҳокими З. Давлатов, туман ИИБ бошлиғи Б. Хидиров, ўринбосари Ш. Азизбердиев ва бошқа алоқадор ходимларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилган.
    Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлидаги қарори билан ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган хизмат автотранспорт воситалари рўйхатига суд тизими автомашиналари ҳам киритилганини таъкидлаб, жарқўрғонлик амалдорларни Республика махсус комиссияси қарори моҳиятини тушунмаганликда айблайди.

    Category : Новости и политика

    #Сурхондарёда#туман#ҳокими#судьяларни#обрўсизлантиришга#уринди#судьялар#ҳайдовчиси#калтакланди

    0 Comments and 0 replies
arrow_drop_up