Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бундан буён 103 рақамига телефон қилинганида, банд бўлмайди ва “Тез ёрдам” хизматларининг узоғи билан 15 дақиқада етиб бориши таъминланади, деб ваъда қилди.
Президент 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия вазияти бўйича қилган селектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилди. Йиғилишда Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетгани, “Тез ёрдам” хизматлари кеч қолаётгани айтилди.
Тошкент шаҳридаги “Тез ёрдам” хизматлари эса, бугунги пандемия шароитида, Бош прокурор берган ваъдани бажариш учун қўшимча ходим, ресурснинг ўзи кифоя қилмаслигини айтмоқдалар.
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги Шошилинч Тез тиббий ёрдам шохобчасидан олинган маълумотга кўра, бир кунда 600 тага қадар чақириқ тушмоқда ва бунча чақириққа 19 та машина хизмат кўрсатмоқда:
“Кечи билан 15 минутда етиб бориш мумкин, агар бизда бўш машина бўлса! Лекин, бизда бўш машина деярли бўлмайди. Ҳозир 600 та чақириқ ўртача – бир кунда! Кейин, машина бўлгандаям, ҳозир аксар шифохоналар ёпилган, машиналаримиз ярим соатлаб юриб, бошқа шифохоналарга олиб бораяпти беморларни. Шунинг учун “Тез ёрдам”ларимиз 1 соатлаб кеч қолиб кетаётган пайтлари ҳам бўлаяпти”, деди ушбу шохобчанинг навбатчи ходими.
Тошкентнинг бошқа бир неча туманларидаги “Тез ёрдам” хизматлари ҳам ҳозирда аҳолидан чақириқ кўпайгани, аммо беморларни қабул қиладиган шифохоналарнинг камайгани уларнинг ишини оғирлаштириб қўйганини айтмоқда.
Аксар шифохоналар фақат коронавирус беморларига ажратилгани, яна бир нечаси эса карантинга ёпилгани боис, бошқа касалликларга чалинган беморларни даволайдиган шифохона ўринлари ва ходимлари сон кескин камайгани кузатилмоқда.
Category :
Новости и политика
#Бош#прокурор#quot#Тез#ёрдам#ни#15#дақиқада#борадиган#қиламиз