Loading the player...

Ислом Каримовнинг Совет Иттифоқи коммунистик партияси (КПСС) XXVIII съездидаги чиқиши

  • UZ: Эътиборли жиҳати, Ислом Каримов минбарга таклиф этилар экан, у биратўла икки лавозими эгаси – Ўзбекистон компартияси Биринчи котиби ва ЎзССР Президенти сифатида таништирилади. Бу эса Каримовнинг президентлик мақоми тан олинганини англатар эди.
    Президент Каримов нутқи мобайнида жасорат ила, “пахта иши” деб аталган кампания доирасида республика аҳолиси оммавий равишда қатағон қилингани ва миллий ғурур поймол этилганини кескин қоралайди. У, шунингдек, бутун иттифоқни пахта ва бошқа хомашё манбалари билан таъминлаб келаётган Ўзбекистон муқобил компенсация олмаётгани, республикадаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг бешдан бир қисми доимий ишга эга эмаслиги каби долзарб масалаларни ҳам кўтаради. Биз кадрда кўриб турган ҳодиса қанчалик муҳим эканини яхшироқ англаш учун қуйидаги тарихий омилларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
    СССР Конституциясига кўра (6-модда), Совет Иттифоқи коммунистик партиясига раҳбарлик ва етакчилик роли топширилган эди. Бошқача айтганда, мамлакатнинг бутун ҳокимияти КПСС инон-ихтиёрида эди. Айни чоқда, партия етакчиси – СССР компартияси Бош котиби давлат раҳбари ҳам саналар эди.
    1990 йил 15 мартга қадар шундай тартиб ҳукм сурди. Мазкур санада эса Конституцияга ўзгартириш киритилиб, СССР Президенти лавозими жорий этилди. Ушбу лавозимни КПСС Бош котиби Михаил Горбачёв эгаллади.
    Кремль иттифоқдош республикаларда президент лавозими жорий этилишини кўзда тутмаган, шу боис республика раҳбарлари маҳаллий компартия Биринчи котиби вазифасида қолган эди.
    Аммо М.Горбачёв СССР Президенти бўлганидан 9 кун ўтиб, 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон Олий Кенгаши Ислом Каримовни ЎзССР Президенти этиб сайлади.
    Қайд этиш жоизки, республика бу пайтда СССР таркибида эди. Ислом Каримовнинг президент этиб сайланиши Марказ учун кутилмаган ҳол бўлди. Таъбир жоиз бўлса, Москва бу ҳодисани саратондаги қордек қабул қилди. Совет Иттифоқи деб аталган бепоён мамлакатда Горбачёвдан кейин яна бир Президент пайдо бўлган эди.
    Мазкур қадам истиқболда жиддий оқибатларга олиб келишидан хавотирга тушган Марказ Ислом Каримовга жиддий босим ўтказишга уринди. Хусусан, у ўзбошимчалик ва сепаратизмда айбланди. Аммо қайд этиш жоизки, Ислом Каримов ҳамиша қонун доирасида ҳаракат қилар эди. Жумладан, президентликка ҳам ҳуқуқий меъёрларга кўра сайланган эди. Гарчи юридик ҳужжатларда иттифоқдош республикаларда президентлик институтини жорий этиш кўзда тутилмаган бўлса-да, бу ўринда М.Горбачёвнинг ўзи томонидан кўп марта айтилган – “нимаки тақиқланмаса, демак, у мумкин” деган тамойилга таянилган эди.
    Шу тариқа Ўзбекистонда президентлик институтининг тамал тоши қўйилди. Ўша кезлар республика мураккаб даврни бош кечираётганди – бутун Совет Иттифоқида бўлгани каби иқтисодиёт инқироз ёқасига келиб қолган, миллатлараро ва динлараро зиддият авж олиши учун биргина учқун кифоя эди.
    Ислом Каримов Президент бўлгач, мамлакатимиз ва халқимиз тақдири учун залворли масъулиятни дадил зиммасига олди. Бу виждон амри билан танланган йўл эди. У долзарб муаммоларни ҳал этиш борасида янги имкониятлар берувчи самарали тизимга асос солди.
    Ислом Каримов биринчи бўлди. Биринчи бўлиш эса ҳамиша шарафли, айни чоқда, машаққатли кечади. У ҳам давлат арбоби сифатида тарихий аҳамият касб этган мураккаб қарорлар қабул қилишига тўғри келди.
    Марказнинг зуғум ва босимларига қарамай, Каримов ўз аҳдида қатъий тура олди. Мамлакат тақдири учун масъулият ҳисси ҳамда она халқининг хайрихоҳлиги унга бу борада куч-қудрат бағишлади.
    Ислом Каримов букилмас иродаси ва етакчилик фазилатлари туфайли Ўзбекистоннинг бошбошдоқлик домида қолиши олди олинди, мамлакатда тинчлик, ҳудудий яхлитлик ва миллату элатларнинг аҳиллиги сақлаб қолинди.

    Category : Новости и политика

    #Ислом#Каримовнинг#Совет#Иттифоқи#коммунистик#партияси#КПСС#xxviii#съездидаги#чиқиши

    0 Comments and 0 replies
arrow_drop_up